Бобур ғазалларида ҳаёт лавҳалари тасвири
JizDPIБизга маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўп ғазал ёзган эмас. Унинг шеърий тўпламида 119 ғазал бор. Шу билан биргаликда, Бобур ғазаллари, асосан, кичик ҳажмли. Чунки ғазал, асосан, етти ёки тўққиз, ёки ўн бир байтдан иборат бўлади. Лекин Бобур ғазаллари кўпинча етти, олти, беш байтдан ташкил топган. Ҳатто тўрт байтли ғазаллар ҳам учрайди. Фақат битта ғазал /”Туну кун бирла бутун мажлиси асру хуш эди”/ ўн байтдан иборат. Бу ҳақида проф. Р.Орзибеков шундай дейди: “Бобур ғазалларининг аксарияти 5 ва 7 байтлик бўлиб, ҳажм жиҳатидан ихчамдир”( Р.Орзибеков. “Бобур ва лирикасининг жанрлари”. Тўплам. “Бобур ва унинг замондошлари ижодини ўрганиш масалалари”, Самарқанд Университети, Самарқанд. 1983,48-бет).